ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҲАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИ ОГОҲЛАНТИРАДИ

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан «Профлактика куни» давомида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирлар, жойларда учрашувлар ўтказилди.

Уларда эшик ҳатлаб кўчага чиққан ҳар бир инсон, у пиёда, ҳайдовчи ёки йўловчи бўлсин, ҳаракат иштирокчиси экани, «Йўл ҳаракати қоидалари»га риоя этишга мажбурлиги, бу билан ўзини ва атрофидагиларни фалокатлардан асраши тушунтирилиб, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг мудҳиш оқибатлари мисоллар асосида кўрсатиб берилди. Деярли ҳар бир ҳайдовчига нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги эслатмалар тарқатилди. Улардаги талабларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлга чиқишдан олдин транспорт воситангизнинг техник ҳолатига эътибор қаратинг. Унинг тормоз тизими, руль бошқаруви соз бўлиши хавфсизликни таъминлашнинг асоси ҳисобланади. Транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарманг, уларни бир карра кўздан кечиринг. Арзимасдек туюлган бу нарса сизнинг қонунларни ҳурмат қилувчи, маданиятли ҳаракат иштирокчиси, деган шарафли номингизга доғ тушириб, оилавий бюджетингизга катта зарар келтиради.

Транспортни бошқаришда асло шошма-шошарлик қилманг. Светофор ва йўл белгилари, йўл чизиқлари талабларига қатъий риоя қилинг. Чунки, улар энг биринчи навбатда Сизнинг хавфсиз ҳаракатланишингизга хизмат қилади.

Барча ҳаракат иштирокчилари билан ўзаро хушмуомалада бўлинг. Белгиланган тезлик талабларига амал қилинг. Шошилманг, шошқалоқлик шайтоннинг ишидир. Бирор жойга боришни режа қилсангиз, энг мақбули уйингиздан бир оз эртароқ чиқинг.

Спиртли ичимлик ичган ҳолда асло руль бошқарманг. Сизга ичкиликни ҳар қанча зўрлашмасин, ақл-идрокингизни йўқотманг. Майли, ўша ичкилик узатган қўллар ҳавода муаллақ қолсин, майли ўша одам сиздан ранжисин, илло уни рад этиш баробарида сиз бошқа бегуноҳ инсонларни шод этган бўласиз. Аллоҳга мақбул келадиган бу ҳаракатингиз оналарни фарзанд доғидан, фарзандларни ота-она меҳридан бевақт ажралишларидан асрайди.

Чарчаганда уни енгаман, деб ўйламанг. Чарчадингизми, тўхтанг, дам олинг. Чарчоқ ва уйқу рулдаги одамни фалокат сари етаклашини ёддан чиқарманг. Қисқа муддатга бўлса ҳам транспортдан тушинг ва очиқ ҳавода бир оз айланинг.

Азиз ота-оналар! Фарзандларингизни эҳтиёт қилинг. Уларга йўлларда хавфсиз юриш сабоқларини эринмасдан, ҳар куни ўргатинг. Гапирилган гаплар ҳеч вақт изсиз кетмайди.

Вояга етмаган ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган фарзандингизга транспорт калитини асло берманг. Фарзандини эркалатиб шундай йўл тутган ва ундан айрилиб, бир умрлик афсус надоматда қолган ота-оналар ҳолатини кўз олдингизга келтиринг.

Транспорт бошқарадиган фарзандларингизни алоҳида назорат қилинг. У қаерда, ким билан юрибди, нима учун уйга кеч қайтаяпти, деб қайғуринг. Агар сиз қайғурмасангиз, маҳалла-кўй қайишмаса, бепарволик кўзларимизга парда ташласа, бунинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигини ёддан чиқарманг.

Нуроний отахонлар, мунис онажонлар! Асрлар оша одамларга тўғри йўл кўрсатиб келган, турли фалокат-у офатлардан асраган азалий ва ҳамиша навқирон миллий урф-одатларимизни ёшларга эслатинг. Ёшларни ана шу қадриятлар руҳида тарбиялашга бош-қош бўлинг.

Қонунларни ҳурмат қилган, уларга риоя этган ҳаракат иштирокчиларининг йўллари доимо равон, ниятлари ҳамиша пок бўлади. Катталар «Йўл ҳаракати қоидалари»га амал қилиш орқали ёшларга, жондан азиз фарзандларимизга ибрат бўлайлик.  Уйдан чиққан ҳар бир инсонга яна уйига, оиласи бағрига соғ-саломат қайтиши насиб этсин!

Шавкатжон СОДИҚОВ,

вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинма бошлиғи, подполковник.

Leave a Reply

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan